Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мамлакатимизда фаолият юритаётган дарвозабонлар мураббийларининг малакасини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугун Тошкент шаҳридаги "Чиғатой" спорт базасида ОФКнинг дарвозабонлар мураббийлари учун Level-2 ўқув курслари бошланди. Мазкур ўқув курсларида 17 нафар дарвозабонлар мураббийлари иштирок этмоқда. Улар орасида Анвар Рашидов, Шавкат Абдуходжаев, Анвар Жабборов каби таниқли мутахассислар бор.
Ўқув курсларини ОФК инструктори эронлик Жалол Башарзода олиб боряпти. Унга координатор сифатида Даврон Қудратуллаев ёрдам бермоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ОФКнинг дарвозабонлар мураббийлари учун Level-2 ўқув курслари биринчи марта Ўзбекистонда бўлиб ўтмоқда. Бунгача фақат Level-1 ўқув курслари ўтказиб келинаётганди. Бу ҳам ОФКнинг Ўзбекистон футбол ассоциациясига катта ишонч билдираётганидан дарак беради.