Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда тренерлик соҳасини ривожлантириш, мураббийлар салоҳияти ҳамда маҳоратини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
1 октябр куни “Миллий” стадион аудиториясида "B" дипломи учун ОФКнинг халқаро мураббийлик курсларининг биринчи модули старт олди. Мазкур курсларда 20 нафар мураббий иштирок этмоқда. Улар орасида Игор Таран, Илхом Шарипов, Камолидин Мурзоев, Алишер Махмудов, Дилшод Шарофитдинов, Собир Усмонхуджаев, Илхом Юнусов каби собиқ машхур футболчилар ҳам бор.
Мураббийлик курсларини ФИФА ва ОФК инструктори Усмон Тошев олиб бормоқда. Унга Умид Хатамов ёрдам беряпти. Мазкур ўқув курслари назарий ва амалий машғулотлардан иборат бўлиб, 1-модул жорий йилнинг 5 октябр куни якунига етади.
Таъкидлаш лозим, "B" дипломи бўйича мураббийлик ўқув курси 4та модулдан иборат бўлиб, модуллар орасида бир ой танаффус қилинади.