Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда мураббийлик соҳасини ривожлантириш, мураббийлар маҳоратини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Жумладан, бугун 6 май куни "Бунёдкор" клуби академиясида "B" дипломи учун ОФКнинг халқаро мураббийлик курслари иккинчи модули бошланди. Мазкур курсларда 24 нафар мураббий қатнашмоқда. Улар орасида Зайниддин Тожиев, Ярослав Крушельницкий каби таниқли мутахассислар бор. Мазкур ўқув курсларининг биринчи модули жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтганди.
Мураббийлик курсларини ФИФА ва ОФК инструктори Ислом Аҳмедов олиб бормоқда. Унга Аброр Бойқобилов ёрдам беряпти.
Мазкур ўқув курслари 4 модулдан иборат бўлади. Модуллар орасида бир ой танаффус қилиниб, бу вақтда мураббийлар мустақил равишда берилган топшириқларни бажаришлари керак бўлади.